Буюк Британия ва Янги Зеландия давлат хизматчиларига TikTokдан фойдаланишни тақиқлади

Фото:
LONDON. Кazinform – Британияда хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳукумат аъзоларига иш телефонларида TikTok иловасидан фойдаланиш тақиқланди, дея хабар беради Кazinform BBC News агентлигига таяниб.

Британия ҳукумати Хитой ҳукумати телефонда сақланган шахсий маълумотларга кириши мумкинлигидан хавотирда.

TikTok Хитой ҳукуматига маълумотларни топшираётгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

Компаниянинг Европадаги вице-президенти Тео Бертрамнинг фикрича, бу қарор геосиёсатга боғлиқ.

CNN маълумотларига кўра, Янги Зеландия ҳам шу ой охиридан бошлаб маҳаллий парламент аъзоларига TikTokдан фойдаланишни тақиқлайди.

«Киберхавфсизлик бўйича мутахассисларимиз маслаҳати билан парламент аъзолари ва ходимларига TikTok иловаси парламент тармоғига уланган барча қурилмалардан ўчириб қўйилиши ҳақида маълумот берилди», - деди Янги Зеландия парламент хизматлари ижрочи директори Гонсалес-Монтеро.

Унда айтилишича, ушбу иловадан «демократик бурчларини бажариш учун» фойдаланадиганларга рухсат берилиши мумкин.

АҚШ ва Канадада киберхавфсизлик билан боғлиқ муаммолар туфайли давлат хизматчиларига иловадан ўз телефонлари ва гаджетлари орқали фойдаланиш тақиқланган. Сўнгги йилларда дунёда иловадан фойдаланувчилар сони кескин ошди, у бутун дунё бўйлаб 3,5 миллиард марта юклаб олинган.

Сўнгги хабарлар