Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Қозоғистондаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади

Фото:
LONDON. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди ва Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазири Джеймс Клеверли 20 декабр куни, Лондонда Қозоғистон ва Буюк Британия ўртасидаги Стратегик мулоқотнинг 6-йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнотни қабул қилдилар, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ўтган 30 йил давомида Қозоғистон-Британия дипломатик муносабатларида эришилган ютуқларни олқишлаб, ташқи ишлар вазирлари бир қатор глобал ва минтақавий масалаларни, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик ва стратегик шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар», - дейилади ҳужжатда.

Вазирлар икки томонлама яқин муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқладилар:

- сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни, шу жумладан, 2023 йилда Қозоғистон ва Буюк Британия ўртасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги Битимни имзолаш орқали мустаҳкамлаш;

- 2023 йил феврал ойида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-британия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиллик йиғилишини ўтказиш;

- турли платформаларда парламентлараро ҳамкорликни, хусусан, британия парламентарийларининг 2023 йилда Қозоғистонга режалаштирилган ташрифига кўмаклашиш.

Вазирлар Буюк Британия сўнгги 30 йил ичида Қозоғистонда етакчи ҳамкор ва инвестор бўлиб келганини, 2005 йилдан бери 13 миллиард фунт стерлингдан ортиқ сармоя киритганини ва Қозоғистонда 600 дан ортиқ британия компаниялари рўйхатдан ўтганини таъкидладилар.

«Иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва юқори технологияли яшил иқтисодиётни барпо этиш бўйича чора-тадбирлар, жумладан, Қозоғистоннинг 2060 йилгача эмиссияни нолга тенглаштириш мажбурияти ва Буюк Британиянинг 21-аср учун водород иқтисодиётини яратиш стратегияси муҳокама қилинди», - дейилади қўшма баёнотда.

Вазирлар Украина атрофидаги вазиятдан хавотир билдириб, глобал ва минтақавий миқёсда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш истаги борлигини таъкидладилар. Улар халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомининг асосий тамойилларига содиқликларини таъкидладилар.

Вазирлар БМТ, ЕХҲТ ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида халқаро хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича икки томонлама сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги ҳақида келишиб олдилар.

«Буюк Британия ташқи ишлар вазири Қозоғистонда адолатли давлат, адолатли иқтисодиёт ва адолатли жамият қуришга қаратилган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди», - дейилади ҳужжатда.

Вазирлар Қозоғистон-Британия стратегик шериклиги янада ривожланишига умид билдирдилар ва Мухтар Тлеуберди Джеймс Клеверлини яқин келажакда Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Муаллиф: Тимур Дюсекеев

Сўнгги хабарлар