Бутун дунё бўйлаб ирқчиликка қарши митинглар давом этмоқда - ВВС

None
None
LONDON. Kazinform - АҚШда Жорж Флойд исмли афро-америкаликнинг вафотидан кейин дунёнинг турли мамлакатларида норозилик намойишлари бошланди. Шанба куни Европа ва Америка шаҳарларида минглаб фаоллар кўчаларга чиқишди, дея хабар беради Kazinform ВВСга таяниб.

Британияда намойишлар Лондон, Манчестер, Кардифф ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтди. Лондонда намойишчилар тиз чўкиб: «Адолат бўлмаса, тинчлик бўлмас!» - қичқирмоқда.

Коронавирус инфекцияси хавфи туфайли ҳукумат одамларга гуруҳ бўлиб йиғилмасликни маслаҳат берди. Аммо халқ ҳамон норозилик билдирмоқда.

Деярли барча намойишлар тинч ўтди. Бироқ, кечқурун Даунинг-стритдаги Бош вазирнинг қароргоҳи олдида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, норозилик намойишлари пайтида камида 23 полиция ходими жароҳат олган.

Лондонда аксарият намойишчилар ниқоб ва қўлқоп кийишган. Баъзи плакатларда «COVID-19 вирусидан ҳам баттарроқ вирус бор, бу ирқчилик», - деб ёзилган.

Шимолий Ирландияда полиция гуруҳ бўлиб йиғилмаслик талабини бузганлиги учун кўплаб одамларни жаримага тортди.

Вашингтонда минглаб одамлар ирқчилик ва полициянинг шафқатсизлигига қарши яна намойишга чиқди. Намойишлар Капитолий тепалигида ва Оқ уй ёнида бўлиб ўтди. Қўшма Штатлардаги ҳаракатлар 12 кундан бери давом этмоқда.

Шанба куни Канаданинг Торонто шаҳрида бир неча минг киши кўчаларга чиқди. Маҳаллий полиция барча намойишлар тинч ўтганини айтди.

Францияда ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойишларда 20 мингдан ортиқ намойишчилар қатнашди. Лилл полицияси шанба куни намойишчиларни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Германия пойтахти Берлиндаги ирқчиликка қарши митингда 15 мингга яқин одам қатнашди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Алехандерплатц марказий майдонидаги «Овозсиз норозилик» тинч ва полиция билан тўқнашувсиз ўтган. Намойишчиларнинг аксарияти қора кийинган ва 8 дақиқа 46 сония давомида асфальтда ўтириб сукут сақлашди. Тахминан шунча вақт ичида полиция ходими Джорж Флойдни бўғганди.

Берлиндаги юриш тинч ўтди. Бироқ, масофа сақлаш талабига риоя қилинмади.
Сўнгги хабарлар