Бурабай яқинида 50 метрлик Аблай хон ҳайкали ўрнатилади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бурабай яқинида ўрнатиладиган Аблай хон ҳайкали лойиҳаси учун танлов эълон қилинди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Сентябр ойида Аблай хонга улуғвор ёдгорлик ўрнатиш фикри билан ўртоқлашгандим. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниб, 95 фоиз одамлар қўллаб-қувватлади, десам муболаға бўлмайди. Ҳукумат ҳам қўллаб-қувватлади. Бугун тақдим этилаётган нарса - бу эскиз», - деди жамоат арбоби Арман Шораев Марказий коммуникациялар хизматидаги матбуот анжуманида.



Унинг сўзларига кўра, ёдгорликнинг жойлашган жойи ярим йил давомида синчковлик билан ўрганилган.

«Семей, Улитау ёки Алматида ўрнатиш таклифлари билдирилди. Мунозаралар чоғида биз Бурабай ва Кўкшетау ўртасидаги Кенесари қишлоғи яқинидаги 90 метрлик тепаликни топдик. Ёдгорликнинг баландлиги 50 метр бўлади. Ўйлашимизча, у космосдан кўринадиган бўлади. Иншоот ҳайкал билан чекланмайди, унинг пастки қисмида музей ва конференц-холл ҳам қурилади. Умуман олганда, ушбу лойиҳа Акмола вилояти ва Бурабайда туризмни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади деб ўйлайман», - деди жамоат арбоби.

Арман Шораевнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа учун очиқ халқаро танлов эълон қилинади.



«Бугун тақдим этилган макет илк нусҳадир. Биз меъморлар ва ҳайкалтарошлар билан учрашиб, лойиҳани пухта тайёрладик. Танловни эълон қилишдан мақсад қозоқ услубидаги ноёб объектни яратишдир. Объект ўзини электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлайдиган бўлиши, яъни замонавий яшил технологиялар жорий этилиши лозим. Давлатдан ер участкаси ва унга йўл қуриб беришини сўраймиз. Мўлжалдаги манзил асосий йўлдан бир километр нарида», - деди у.

Бундан ташқари, лойиҳа харажатларини ҳашар йўли билан камайтириш режалаштирилган.

«Танлов эртага бошланади ва 15 апрелда биз илк хулосаларни чиқарамиз. Комиссия аъзолари энг яхши бешта лойиҳани танлаб оладилар, муаллифларига тегишли маблағ ажратадиб, макет ясатамиз. 7 май куни пойтахтимиздаги ҳарбий музейда танловга якун ясалади. Комиссия таркибига Маулен Ашимбаев, Шота Валихонов, Мурат Ауезов, Турсин Журтбай, Нурторе Жусип, Дархан Мингбай, Берик Абдиғали, Тўлеген Кажибай, Досқан Жолжақсинов, Мурат Мансуров, Зиябек Қабилдинов ва бошқалар киради», - деди у.



Унинг сўзларига кўра, ёдгорликни қуриш ва амалга ошириш 5-7 миллион долларга тушади.

«Лойиҳа ишга тушгач, у келажакда ўзини-ўзи таъминлайди. Чунки туристлар жуда кўп келиши кутилмоқда», - деди жамоат арбоби.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Ақмола вилоятини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Аблай хонга ёдгорлик ўрнатиш ташаббусина қўллаб-қувватлаш зарурлигини айтган.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар