Бугун - пойтахт куни
6 Июль 09:03

Бугун - пойтахт куни

NUR-SULTAN. Кazinform – 6 июл куни қозоғистонликлар пойтахт – Нур-Султан кунини нишонлайди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Бу йил Ақмола шаҳри Астана номини олиб, пойтахт бўлганига 24 йил тўлди.

Нур-Султан шаҳри бугунги кунда мамлакатдаги муҳим воқеалар марказидир. Бундан ташқари, пойтахтда миллий ва халқаро аҳамиятга молик тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съезди, 2011 йилда ўтказилган қишки Осиё ўйинлари, Сурия муаммосига бағишланган «Астана жараёни», «ЕХPО-2017» халқаро кўргазмаси шулар жумласидандир.

Унгача пойтахтга ЮНЕСКО қарори билан «Тинчлик шаҳри» мақоми берилган эди.

Тарихга назар ташласак...

1997 йил 20 октябрда пойтахтни кўчириш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

1998 йил 6 майда Ақмола шаҳрининг номи Астана деб ўзгартирилди.

1998 йил 10 июнда пойтахт – Астана шаҳрининг халқаро тақдимот маросими бўлиб ўтди.

2008 йил 6 июлда «Пойтахт куни» давлат байрами сифатида қайд этилган.

2019 йил 23 март куни Астана шаҳри номи Нур-Султанга ўзгартирилди. «Пойтахт куни» ҳар йили давлат миқёсида кенг нишонланади.

Бу йил шаҳар куни муносабати билан пойтахт ҳокимлиги томонидан бир қатор тадбирлар ташкил этилади.

Хусусан, 4-6 июл кунлари соат 12:00 дан 22:00 гача марказий истироҳат боғида «Меreke street» фестивали бўлиб ўтади. Тадбир давомида шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари «Барс», «Астана» футбол клуби ва «Астана» баскетбол жамоасининг машҳур спортчилари билан суратга тушиш ва дастхат олиш имкониятига эга.

Шунингдек, санъат юлдузлари иштирокида концерт дастури намойиш этилмоқда.

Байрам куни Есил соҳилида «Creativ Summer» лойиҳаси ташкил этилади. Ушбу тадбирда ижодий жамоалар, вокалчилар ва аниматорлар чиқиш қилади.

6 июл куни пойтахтдаги «Қазанат» ипподромида «Елорда бәйгесі» республика от пойгаси бўлиб ўтади. Шаҳар куни муносабати билан ташкил этилган мусобақада мамлакатнинг барча ҳудудларидан 150 нафардан ортиқ спортчи иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, бу йил шаҳар куни муносабати билан байрамона салютлар ўтказилмайди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти хабар берди.

Муаллиф: Али Ибраев


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив