Бугун – Халқаро хотин-қизлар байрами

None
ASTANA. Kazinform – Бугун Қозоғистонда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни нишонланади, дея хабар бермоқда Kazinform.

Бу куннинг тарихи бевосита аёллар ҳуқуқлари учун кураш билан боғлиқ. 1857 йил 8 мартда Нью-Йоркда ишчи аёллар манифест учун йиғилишди. Улар 10 соатлик иш куни, ёруғ ва қуруқ иш ўринлари, эркаклар билан бир хил маош талаб қилишди. Ўша кунларда аёллар 16 соатлик машаққатли меҳнатлари учун жуда кам маош олишарди. 1910 йилда эса Копенгагенда социалистик аёлларнинг халқаро конференциясида Германия ва халқаро ишчи ҳаракати арбоби Клара Цеткин таклифи билан 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

1914 йилдан кейин бир қанча мамлакатларда 8 март аёллар байрами деб аталди. Бу кун аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро тинчлик кунидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1975 йилни Халқаро хотин-қизлар йили деб эълон қилди ва шу йилнинг 8 мартидан бошлаб «Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Халқаро тинчлик куни» нишонлана бошлади. Қозоғистон Республикасида ҳам ушбу байрамга катта аҳамият берилиб, пойтахт ва барча вилоятларда шу куни байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 7 март куни 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди.

«Аслида, ҳар бир инсон учун онадан улуғ ва азиз зот йўқ. Бизнинг энг азиз қадриятларимиз «Она Ер» ва «Она Ватан» тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. «Оталар ўғил тарбиялайди, оналар миллатни кўтаради», дейдилар. Бу сўз алоҳида маънога эга. Миллат келажаги келажак авлод тарбиясидан бошланади. Ҳар бир боланинг муваффақияти - она меҳри самараси. Буюк Абай «Комил инсон»га хос бўлган олижаноб фазилатлар она орқали авлодларга ўтади», – деди Президент.

Маросим якунида давлат раҳбари «Аруана» аёллар ўртасидаги энг яхши лойиҳа танлови ғолибларини тақдирлади. Ушбу мукофот ўн номинация бўйича турли соҳаларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошираётган, фуқаролик жамияти ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган ишбилармон аёлларга топширилди.

Сўнгги хабарлар