Бучадаги вазият БМТ доирасида текширилиши керак – ҚР Сенат Раиси

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев Украинанинг Буча шаҳрида юз берган воқеага изоҳ берди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Сенат ялпи мажлисидан сўнг журналистлар палата спикеридан Украинанинг Буча шаҳрида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан Қозоғистон позициясини сўрашди.

«Буча ва бошқа аҳоли пунктларидаги вазиятни барчамиз оммавий ахборот воситаларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кўриб юрибмиз. Бучадаги вазият катта фожиа. Украина томони буни геноцид деб атаётганини эшитяпмиз. Россия бунга алоқаси йўқлигини айтмоқда. Шунинг учун халқаро ташкилотлар доирасида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида комиссия тузилади, деб ўйлайман. Ўша комиссия холисона ҳар хил маълумотларни тўплаши, одамлар билан учрашиши, у ерга бориб, халқаро ҳамжамиятга ҳисобот бериши керак. Тинч аҳоли ҳалок бўлди. Шунинг учун, бу ҳолат халқаро ташкилотлар иштирокида «бу қандай содир бўлди, нима учун содир бўлди» контекстида аниқланиши керак», — деди Сенат Раиси.

Шу муносабат билан М.Ашимбаев воқеа юзасидан ҳиссиётларга берилмасдан, БМТ доирасида кенг кўламли текширув ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этди.

«Бундай масалалар юзасидан халқаро конвенциялар ҳам, халқаро шартномалар ҳам мавжуд. Бу борада БМТ доирасида тегишли ишларни ташкил этиш зарур. Қозоғистоннинг расмий позициясини Ташқи ишлар вазирлигига сўров йўллаб, улардан олган маъқул. Президент яқиндаги мақоласида айтганидек, биз Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз. Бу ерда бизнинг позициямиз аниқ. Бу масала охирги бир ой ичида ҳам президент, ҳам ташқи ишлар вазири томонидан бир неча бор айтиб ўтилди», — деди у.

Муалли: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар