Бу йил Қозоғистонда ННТларга 47 та давлат гранти ажратилади

None
ASTANA. Kazinform - Жорий йилда Қозоғистонда нодавлат нотижорат ташкилотларига 47 та давлат гранти ажратилиши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази» НТАЖ бошқаруви раиси Ғалим Қурман маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) учун давлат грантлари танловига аризалар қабул қилишни бошлади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун грантлар фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини жалб қилиш мақсадида ажратилади. Жорий йилда Қозоғистон Республикаси Ахборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлигининг буйруғига асосан 6 та йўналиш бўйича 47 та давлат гранти ажратилди, жумладан 22 таси қисқа муддатли, 16 таси ўрта муддатли ва 9 таси узоқ муддатли лойиҳалардир», — деди Ғ.Қурман.

Давлат гранти қуйидаги 6 йўналишда ажратилади: аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш; фуқаролик жамиятини ривожлантириш, шу жумладан ННТ фаолияти самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш; фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; ижтимоий тотувлик ва миллий бирликни мустаҳкамлаш; ёшлар сиёсати ва болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш; оилавий-демографик муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш.

Унга кўра, 2023 йил учун Республика бюджетидан ажратилган грантларнинг умумий миқдори 1 миллиард 292 минг тенгени ташкил этди.

«Қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли грантлар жорий этилди. Грант турига қараб, молиялаштириш миқдори, амалга ошириш шартлари, ННТлар танловида иштирок этиш шартлари ва ҳисобот бериш учун турли талабларга мувофиқ белгиланади. Қисқа муддатли грантларни амалга ошириш муддати уч ойдан 12 ойгача, ўрта муддатли грантлар бир йилдан икки йилгача. Узоқ муддатли грантлар эса 2 йилдан 3 йилгача амалга оширилади», — деди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ННТлар томонидан тез-тез бериладиган саволлардан бири грантлар миқдори билан боғлиқ. Қисқа муддатли грантларни молиялаштириш ҳажми бир ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг камида беш юз бараварини ташкил этади ва уч минг бараваридан ошмайди. Ўрта муддатли грантлар БҲМнинг камида 3 минг баравари, максимал миқдори эса 10 минг баравари миқдорида белгиланади. Шунингдек, узоқ муддатли грантлар бўйича молиялаштириш миқдори ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 10 минг бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар