Бу йил Қозоғистонда 37 та қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бу йил 37 қишлоқ аҳоли пунктида 46 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳақда Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мағзум Мирзағалиев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ҳукумат олдида 2023 йилгача қишлоқ жойларини 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича аниқ вазифа турибди. Умуман олганда, бу иш Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Биз ушбу масала бўйича миллий сув қувурларининг ишлаши ва ривожланишини таъминлаймиз. Бугунги кунда мамлакатда умумий узунлиги 15,5 минг км бўлган 74 гуруҳли сув қувурлари мавжуд. Уларнинг 37 таси республика мулкида, қолган 37 таси эса ҳокимият мулкида рўйхатга олинган. 2019 йилда Павлодар вилоятида Май ва Беловод гуруҳли сув қувурлари, шунингдек, Қарағанда вилоятидаги Жайрем-Қаражал сув қувури фойдаланишга топширилди», - деди вазир Ҳукумат соатида.

Унга кўра, бу йил Алмати, Шимолий Қозоғистон ва Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги сув таъминоти тизимларидаги ишлар якунланади.

«Натижада 37 қишлоқ аҳоли пунктидаги 46 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бундан ташқари, 1 та шаҳар ва 39 та қишлоқ аҳоли пунктларида эски сув таъминоти тизими реконструкция қилинади ва ичимлик суви сифати яхшиланади. Ўз навбатида, у 287 минг кишини қамраб олади», - деди Мағзум Мирзағалиев.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар