Бразилияда сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 100дан ошди

None
None
RIO DE JANEIRO. Kazinform - Бразилиянинг жануби-шарқидаги Петрополис шаҳрида кучли ёмғир ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 104 нафарга етди, дея хабар бермоқда Kazinform.

Рио-де-Жанейро штати ҳукумати маълумотларига кўра, сешанба куни уч соат ичида 25,8 сантиметр ёмғир ёққан, бу аввалги 30 кундаги кўрсаткич билан тенг. Кейинги сув тошқинлари ва кўчкилар натижасида тоғ ёнбағирлари ва пасттекисликларда жойлашган уйлар ва автомашиналарни сув оқизиб кетган.

Рио-де-Жанейро губернатори Клаудио Кастро матбуот анжуманида минтақада 1932 йилдан бери энг кучли ёмғир ёққанини айтди.

Рио-де-Жанейро ёнғин ва фуқаролик мудофааси департаменти ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганларнинг аниқ сони номаълумлигини билдирди. Чоршанба куни кечқурунгача 104 кишининг жасади топилган, улардан саккиз нафари болалар, 35 дан ортиқ одамнинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда, 24 киши қутқариб олинди.

Сув тошқинлари камида 54 уйни вайрон қилган. Хавфли ҳудудларда яшовчи 370 дан ортиқ аҳоли уйларидан эвакуация қилинди ва вақтинча маҳаллий мактабларга жойлаштирилди. Айни пайтда шаҳарда қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Петрополис мерияси фожиа муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилди.

«Император шаҳри» номи билан танилган Петрополис шаҳри (муниципалитети) 19 асрда Бразилия императорларининг ёзги қароргоҳи сифатида ташкил этилган. Тоғли ҳудудда жойлашганлиги сабабли ёзда юмшоқ иқлими билан ажралиб туради. Бугунги кунда шаҳар аҳолиси сони 300 мингга яқин.

Сўнгги хабарлар