Бойқўнғирда ракетамодел мусобақасида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди

None
TASHKENT. Kazinform - Қозоғистон Республикасининг Байконур шаҳрида ракетамодел спорти бўйича «Байконур Кубоги-2022» халқаро спорт мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Беларусь республикалари терма жамоаларидан 200 нафарга яқин спортчилар иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти спортчиларидан иборат миллий терма жамоа мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилди.

Шиддатли ва муросасиз кечган ушбу беллашувда спортчилар ўзлари томонидан яратилган ракета моделлари ва уларнинг очиқ осмонда нечоғлик парвоз қилиш имкониятларига эга эканлигини намоён этдилар.

Мусобақа натижаларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, нафақат ҳамюртларимизнинг, балки тадбирни қизиқиш билан кузатиб борган бутун дунё ракетамодел спорти ихлосмандлари олқишларига сазовор бўлди.

Шунингдек, якка баҳсларда «Ватанпарвар» ташкилоти спортчилари қуйидаги юқори ўринларни эгалладилар:

1. Нажмиддин Зайлидинов: олтин ва бронза медаллари (Наманган вилояти);

2. Фарҳод Бакиев: олтин медали (Самарқанд вилояти);

3. Ҳаётбек Қурбоналиев: кумуш медали (Наманган вилояти);

4. Фирдавс Гулмуродов: кумуш медали (Бухоро вилояти);

5. Самандар Соқиев: бронза медали (Наманган вилояти);

«Ватанпарвар» ташкилоти жамоаси ушбу нуфузли мусобақада 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан қайтган спортчиларини самимий қутлади, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, «Ватанпарвар» ташкилоти бир қатор халқаро спорт ташкилотлари, жумладан, Халқаро аэронавтика федерацияси (ФАИ)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Сўнгги хабарлар