Боболар жасорати келажак авлод учун ҳамиша ўрнакдир – ҚР Президенти

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат мукофотлари, олий ҳарбий ва махсус унвонларни топширди. Давлат раҳбари маросим иштирокчиларини Ватан ҳимоячилари куни ва Ғалаба куни билан табриклаб, мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий хизматчилар ва махсус давлат органларининг ролини таъкидлаб ўтди, деб хабар беради Kazinform Ақорда таяниб.

«Бу йил Қозоғистон Қуролли Кучларининг 30 йиллиги нишонланади. Бу даврда армиямиз буюк армияга айланди. Юрт сарҳадларини огоҳ аскарларимиз қўриқламоқда. Улар давлатчилигимизни мустаҳкамлашда улкан ишларни амалга оширмоқда. Қуролли Кучларимиз мустақилликнинг мустаҳкам таянчи, юртнинг мустаҳкам қалқонидир, – деди Президент.

Президент ҳар томонлама таъминланган замонавий армия давлатчилик қўрғони эканлигини таъкидлади.

«Геосиёсий беқарорлик, янги чақириқ ва таҳдидлар шароитида биз миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга, давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлашга тайёр туришимиз керак. Шу боис мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш биз учун доимо муҳим устувор вазифа бўлиб қолаверади», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот идораларида хизмат қилиш шарафли вазифа ва катта маъсулият эканини таъкидлади. Унга кўра, Қозоғистон Қуролли Кучлари аскарлари ва сардорлари илғор жанговар маҳоратни намоён этиб, ўз маҳорат ва салоҳиятини мунтазам ошириб бормоқда.



Президент Иккинчи жаҳон уруши йилларида 500 нафарга яқин қозоғистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлганини, бироқ турли сабабларга кўра кўплаб аскарларимизнинг қаҳрамонлиги эътибордан четда қолганини эслатди.

Қасим-Жомарт Тоқаев офицерларга уч афсонавий жангчининг қаҳрамонлиги ҳақида гапириб берди. Вафот этган ушбу аскарларга бугун «Халқ қаҳрамони» унвони берилди.

«Биринчиси, машҳур мерган Тўлеуғали Абдибеков. Бир ўзи жанг майдонида 397 нафар душманни йўқ қилди. Бу жасорат ҳужжатлаштирилган. Қозоқ халқининг қаҳрамон ўғлони вафотидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига номзод сифатида кўрсатилган. Аммо унинг қаҳрамонлиги эътиборга олинмади. Капитан Александр Несмиянов ҳам алоҳида жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатди. Душман мудофаасини биринчи бўлиб ёриб ўтган Несмиянов 20 нафар душман аскари билан ёлғиз ўзи жанг қилди ва улардан 13 нафарини ер билан яксон қилди. Қолганларини қочишга мажбур қилди. Кейинги жангда у асосий хавфни ўзига қаратиб, ўз сафдошларига душман мудофаа чизиғини ёриб ўтишга имкон бериб, душман чизиғининг орқа томонига ўтади. Ротанинг иккала командири яралангач, бошқарувни ўз қўлига олади. Александр Несмиянов номзоди уч марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига кўрсатилган, бироқ ҳар сафар унга нисбатан адолатсизлик ва эътиборсизлик қилинган. Ҳамюртимиз Ибраим Сулейменов ҳам ҳақиқий мерган эди. У бир йил ичида душманнинг 289 аскарини йўқ қилди. Бу жасорат тарихий ёзувларда ҳам ўз аксини топган. У қозоқ қаҳрамони Маншук Маметова билан сўнгги нафасигача душман билан курашиб, ҳалок бўлди. Ҳар иккиси ҳам қаҳрамон унвонига кўрсатилган бўлса-да, Ибраим Сулейменовнинг қаҳрамонлиги юқори баҳоланмади», — деди Президент.



Қасим-Жомарт Тоқаев тантанали тадбирда иштирок этган Тўлеуғали Абдибеков ва Ибраим Сулейменовнинг яқинларини «Алтын» ва «Отан» орденлари билан тақдирлади. Александр Несмиянов мукофоти эса музейга топширилади.

Тўлеуғали Абдибековнинг қариндоши Айгул Кемелбаева Қасим-Жомарт Тоқаевга ва унинг шонли бобоси номини абадий эсда сақлашга ёрдам берган барча маъсул шахсларга миннатдорчилик билдирди. Ибраим Сулейменовнинг синглиси Айтқул Сулайменова Президентга самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Президентга мустаҳкам соғлиқ ва янги Қозоғистонни барпо этишда муваффақиятлар тилади.



«Аслида бу тарихий адолат тантанаси. Ўғлонлар номларини жонлантириб, улуғлаймиз. Зеро, қаҳрамонлик ҳеч қачон унутилмайди. Боболар жасорати келажак авлодга ҳамиша ўрнак бўлиб қолади», - деди Президент.





Якунда Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат яхлитлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилаётган барча фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг Президент давлат мукофотларини топшириб, офицерларга ҳарбий ва махсус унвонларни топширди.






Сўнгги хабарлар