БМТ Қозоғистонда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Съездини ўтказишни қўллаб-қувватлайди
11 Август 22:16

БМТ Қозоғистонда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари Съездини ўтказишни қўллаб-қувватлайди

NUR-SULTAN. Кazinform – Қозоғистоннинг динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ва бу йўналишдаги фаолияти катта аҳамиятга эга. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси раиси Абдулла Шаҳид ҚР Парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform Палата матбуот хизматига таяниб.

Маулен Ашимбаев Қозоғистон ва БМТ ўртасида 30 йил ичида яқин муносабатлар ўрнатилганини таъкидлади. Шунингдек, БМТ билан ҳамкорлик мамлакат ташқи сиёсатидаги асосий устувор йўналиш эканини алоҳида қайт этди.

«Давлат раҳбари барқарор ривожланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Қозоғистоннинг миллий устуворликлари БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари ва дастури билан чамбарчас боғлиқ. Ташкилот томонидан қўйилган мақсадлар стратегик ҳужжатлар ва дастурларимиз билан узвий боғлиқ», — деди Маулен Ашимбаев.

Сенат раиси БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси раисига Қозоғистонда мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдум натижалари Давлат раҳбарининг модернизация йўналишини қўллаб-қувватлаган кўрсаткичлардан бири эканлиги таъкидланди.

Ўз ўрнида Абдулла Шаҳид Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз вақтида амалга оширилгани ва улар мамлакатни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.

Бундан ташқари, суҳбатдошлар эътиборни келгусида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Съездига қаратдилар. Учрашувда мазкур Форум жаҳон динлари ва халқларини яқинлаштириш, бағрикенглик ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Съезд котибияти раҳбари Маулен Ашимбаевнинг айтишича, иштирокини тасдиқлаганлар орасида БМТ Цивилизациялар альянси ва Парламентлараро иттифоқ етакчилари ҳам бор ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Съезд доирасида видеомурожаат қилиши кутилмоқда.

«Съезд якунлари бўйича декларация қабул қилинади. Ҳужжатда жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларини узоқ муддатли барқарорлик ва тинчликка эришиш жараёнига фаол сафарбар этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим қоидалар ўрин олган», — деди Маулен Ашимбаев.

Абдулла Шаҳид ўз нутқида Қозоғистоннинг динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини, бу йўналишдаги фаолиятининг аҳамиятини юқори баҳолади. У Съезд БМТ томонидан қўллаб-қувватланганини таъкидлаб, дунёнинг янада ривожланиши ва глобал мулоқот маданиятини мустаҳкамлашда динлар етакчиларнинг ўрни жуда муҳим эканини таъкидлади

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив