Бир қанча давлат раҳбарлари Қозоғистон Президентини сайловдаги ғалабаси билан табриклади

None
ASTANA. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан табрик хатлари ва телеграммалари келишда давом этмоқда, деб хабар беради Кazinform БОРТ№1 Теlegram-каналига таяниб.

Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Қасим-Жомарт Тоқаевга зиммасига юклатилган муҳим вазифаларни бажаришда муваффақиятлар, Қозоғистон халқига тинчлик, эркинлик ва фаровонлик тилади.

«Умид қиламанки, Қозоғистон халқи фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларингиз ва модернизация жараёнларингиз янги ваколатингиз даврида ҳам давом этади. Шу билан бирга, Германия Қозоғистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда», — дейилади телеграммада.

Италия Президенти Сержио Маттарелла ўз табригида Қасим-Жомарт Тоқаевга омад тилади ва Қозоғистон ва Италияни икки томонлама яқин муносабатлар боғлаб туришини таъкидлади.

«Италия қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатни модернизация қилишга қаратилган муҳим ислоҳотларнинг амалга оширилишини назорат қилмоқда. Қозоғистон ва Марказий Осиё минтақаси учун барқарорлик ва тараққиёт хабарчиси бўлган бу жараён Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши туфайли ҳам катта аҳамиятга эга», — деб ёзади Сержио Маттарелла.

Сербия Президенти Александр Вучич ўз табригида Қасим-Жомарт Тоқаевга кўрсатилаётган улкан ишонч мамлакат тараққиёти ва фаровонлигига янги суръат бағишлашини таъкидлади.

«Сербия Қозоғистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда. Шу боис, янги президентлик лавозимида мамлакатимизга ташриф буюришингизга умид қиламан. Сизнинг ташрифингиз Сербия ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади», - деб ёзади Александр Вучич.

Чехия Президенти Милош Земан ўз табрик телеграммасида сайлов Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Давлат раҳбари сифатидаги қатъий йўналишини тасдиқлаганини ва фуқароларнинг унга ишончи юқори эканини кўрсатганини таъкидлади.

«Сизни ушбу ғалаба билан чин қалбимдан табриклайман. Чехия Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар йиллар давомида дўстликка асосланганидан хурсандман. Икки томонлама ҳамкорлик нафақат иқтисодий соҳада, балки бошқа кўплаб соҳаларда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда», — деб ёзади Чехия президенти.

Сўнгги хабарлар