Атирауда 5 нафар талаба Ҳайдар Алиев номидаги стипендия олди

None
ATYRAÝ. Kazinform – Х. Досмуҳамедов номидаги Атирау университетининг 5 нафар талабаси Ҳайдар Алиев номидаги халқаро стипендияни қўлга киритди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Университет ректори Саламат Идрисовнинг айтишича, 2012 йилдан буён таълим муассасасида Озарбайжон халқи тарихи ва маданиятини ўрганиш маркази фаолият кўрсатмоқда.

«Ушбу марказни очишдан мақсад - қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни, маънавий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Ўша йилдан бошлаб университетнинг энг яхши талабаларига Озарбайжон Республикасининг биринчи президенти Ҳайдар Алиев номидаги халқаро стипендия топширилади», - дейди Саламат Идрисов.

Бу йилги халқаро стипендия ўқиш ва ижтимоий ишлар бўйича энг яхши деб топилган 5 нафар талабага топширилди. Улар - физика-математика ва ахборот технологиялари факультети талабаси Жансезим Қуандиқова, кўп тилли таълим факультети талабаси Ерлан Баймуханов, гуманитар ва санъат факультети талабаси Георгий Шапошников, табиий фанлар ва қишлоқ хўжалиги факультети талабаси Асел Аюпова ва инновацион таълим факультети талабаси Санжар Темирболатов.

Атираулик талабаларга стипендияларни топшириш маросимида Озарбайжон Республикасининг Ақтау шаҳридаги Бош консуллиги раҳбари Эльчин Мамедов ҳамда маданият ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Илкин Оруджов иштирок этди.

«Бу йил Озарбайжон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётини ривожлантириш, қардош ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Шу муносабат билан Атирау университети талабалари ўртасида ижодий танлов ўтказилиб, энг яхши талабаларга халқаро стипендиялар топширилди. Бу - қардош мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкам алоқалар исботидир», - дейди Эльчин Мамедов.


Муаллиф: Бек Мустафа


Сўнгги хабарлар