Астанадаги халқаро волонтёрлар форумида 34 давлатдан делегатлар иштирок этади

None
ASTANA. Kazinform – 20-21 июнда Астана шаҳрида Халқаро волонтёрлар форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда ҚР Ахборот ва жамиятни ривожланиш вазири ўринбосари Данияр Қадиров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг БМТнинг Халқаро волонтёрлар йилини ўтказишга бағишланган 75-сессиясидаги ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар йили халқаро миқёсдаги тадбирларни ташкил этиш анъанаси йўлга қўйилган. Ўтган йили Марказий Осиё кўнгиллилари форуми бўлиб ўтган бўлса, жорий йилда 20-21 июнда Астана шаҳрида Халқаро волонтёрлар форумини ўтказиш режалаштирилган», – деди Данияр Қадиров Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Форумнинг асосий мақсади волонтёрлар ҳаракатини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида Қозоғистон тажрибасини тақдим этиш, халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имижини шакллантиришдан иборат.

Форумга тайёргарлик БМТ Кўнгиллилар дастурининг Қозоғистондаги ваколатхонаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш котибияти, «Миллий кўнгиллилар тармоғи» ва бошқа волонтёрлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб бориляпти.

«Ушбу йиғин волонтёрлик соҳасидаги йирик халқаро тадбир бўлиб, унда 34 хорижий давлат ва Қозоғистоннинг барча вилоятларидан делегатлар иштирок этади. Унда 400 га яқин киши иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 140 га яқини хорижий иштирокчилар ва халқаро ташкилотлар вакилларидир», – деди Д. Қадиров.

Форумда иштирок этиш истагида бўлганлар сони кўплиги ва кўнгиллиларнинг тавсиялари туфайли ҳудудий иштирокчи-кўнгиллилар ўртасида танлов ўтказилди. Шундай қилиб, 80 нафар кўнгилли ҳудудий делегатлар этиб тайинланди.

Форум шиори – «Табиатда эзгуликни уйғот!»

Шу билан бирга, форум доирасида Астанада Халқаро волонтёрлар маркази ҳам очилади. Бугундан бошлаб Зерендида волонтёрлар, волонтёрлик ташкилотлари раҳбарлари ва ҳудудий фронт офислари мутахассислари иштирокида «Кўнгиллиларнинг ёзги мактаби» ўз ишини бошлади.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар