Астанада Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди

None
ASTANA. Kazinform - Ўзбекистоннинг Астанадаги элчихонасида Ўзбекистоннинг туризм бўйича элчиси Лаззат Аханова ва Қозоғистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирокида офлайн ва онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform Dunyo ахборот агентлигига таяниб.

Dunyo ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев учрашувдаги нутқида жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Президенти раислигида мамлакат туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги ва унда мамлакатда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш ҳамда хориждан туристлар оқимини кўпайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Мулоқот давомида, Ўзбекистонга қозоғистонлик сайёҳлар сонини ошириш ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб янги йўналишларда турпакетлар ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

«Арман Тур» сайёлик корхонаси раҳбари Салтанат Абжанованинг айтишича, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм йўналишларида сайёҳларни жалб этиш учун юқори қизиқиш мавжуд.

«Янги йўналишларда турпакетларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликка тайёрмиз. Хусусан, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги тархий обидалар тўғрисида маълумотлар олиш ва тарқатишда ёрдам керак», - деди у.

Учрашув якунида Ўзбекистонга Қозоғистондан сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида махсус саёҳат пакетларини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан келишиб олинди.

Фото: Dunyo агентлиги


Сўнгги хабарлар