Астанада хусусий болалар боғчаларига қўшимча 8 минг ўрин берилади

None
ASTANA. Kazinform – Жорий йилда Астанада хусусий болалар боғчаларига 8 минг ўринга давлат буюртмаси берилади. Бу ҳақда шаҳар таълим бошқармасининг ҳайъат йиғилишида маълум қилинди, дея хабар беради Kazinform пойтахт ҳокимияти сайтига таяниб.

Таълим бошқармаси бошлиғи Қасимхан Сенғазевнинг айтишича, жорий йилда боғчалардаги ўринларни кўпайтириш мақсадида хусусий мактабгача таълим муассасаларига 8 минг нафар болага давлат буюртмаси берилади. Шу билан бирга, турар-жой мажмуаларининг биринчи қаватларида босқичма-босқич фойдаланиш тамойили бўйича 200 ўринли болалар боғчалари тармоғи очилади.

«Ўтган йили боғча тарбиячисининг 120 нафари қайта тайёрлаш, 641 нафари эса малака ошириш курсидан ўтди. 2023 йилда мактабгача таълим муассасалари педагогларининг малакасини ошириш курсларидан жами 1012 та педагог ўтади. 2025 йилгача касб-ҳунар таълимига эга педагоглар улушини босқичма-босқич 100 фоизга етказамиз», - деди Қасимхан Сенғазев.

Шунингдек, бошқарма раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилда мактабларда бадиий адабиёт фондини кўпайтириш мақсадида бюджетдан 100 миллион тенге ажратилади. Кутубхоналарнинг ички қисмини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бугунги кунда шаҳардаги 36 та мактабдаги кутубхоналар замонавий таъмирдан чиқарилди. 46 та мактабда китобхонлар учун коворкинг (сoworking) зоналари очилди. 2023 йилнинг иккинчи чораги охирига қадар 19 та мактаб кутубхонасининг интерьери (редизайн) янгиланади ва янги коворкинг марказлари очилади.

Бундан ташқари, маълумки, жорий йилда Астанада 2000 дан ортиқ ўқувчига мўлжалланган талабалар саройи ишга туширилади.
Сўнгги хабарлар