Аргентина юқори инфляция туфайли янги банкнотларни муомалага киритади

None
BUENOS-АIRES. Кazinform - Аргентина Марказий банки жадал инфляция фонида янги 2000 песо номиналли банкнот муомалага чиқарилишини эълон қилди, дея хабар беради Кazinform BBC Newsга таяниб.

Расмий равишда 11 доллар бўлган янги банкнотни муомалага чиқариш тўғрисидаги қарор истеъмол нархлари 2022 йилнинг 12 ойида деярли 95 фоизга ошганидан кейин қабул қилинган.

Бу Аргентинада 1991 йилдан бери инфляциянинг энг тез ўсишидир.

Айни пайтда мамлакатнинг энг йирик банкнотаси - 1000 песо муқобил бозорларда атиги 2,70 доллар туради.

Мамлакат марказий банки маълумотларига кўра, янги банкнотда шифокорлар Сесилия Грирсон ва Рамон Каррильо тасвирланади. Унинг қачон муомалага кириши ҳозирча аниқ эмас.

Аргентинанинг амалдаги пул бирлиги 1992 йилда муомалага киритилганда, унинг қиймати бир АҚШ долларига боғланган эди. Аммо 2001 ва 2002 йилларда мамлакатни қамраб олган молиявий инқироздан сўнг бу қатъий курс тизимидан воз кечиш керак бўлди.

Ўшандан бери песо шунчалик қадрсизландики, маҳаллий рассом қоғоз пулларни бўяш учун ишлатади, чунки улар тувалга қараганда арзонроқ. Сальталик Серхио Диаз яқинда Аргентинада тобора ортиб бораётган инфляцияга пародия сифатида Стивен Спилбергнинг жағлари тасвирланган расм чизди.

Аргентинада товарлар, жумладан, энергия нархи ошгани сабабли нархлар кескин кўтарилди.

Декабр ойида Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) Жанубий Америкадаги иккинчи йирик иқтисодиётга ёрдам бериш учун яна 6 миллиард долларни тасдиқлади. Бу ХВЖнинг 30 ойлик дастури доирасида Аргентинага сўнгги тўлов эди. Умуман олганда, мамлакат 44 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам олди.

Ўтган ёзда Аргентина атиги тўрт ҳафта ичида учта иқтисод вазирини алмаштирди.

Сентябр ойида марказий банк ўзининг асосий фоиз ставкасини 75% га кўтарди ва яшаш харажатларини ушлаб туришга ҳаракат қилди.

Январ ойи бошида Бразилия ва Аргентина икки давлат ўртасидаги савдони ривожлантириш учун ягона валюта яратиш режаларини эълон қилишди. Раҳбарлар умумий валютани яратиш ҳали дастлабки босқичда бўлса-да, АҚШ долларига таянмасдан савдони молиялаштириш йўлларини топиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: REUTERS


Сўнгги хабарлар