Алтай Кўлгинов: Давлат раҳбари томонидан юклатилган биринчи вазифаси - қишлоқни ободонлаштириш

None
AQTÓBE. Kazinform – Ақтўбега келган бош вазир ўринбосари Алтай Кўлгинов «Ауил аманати» лойиҳаси билан танишиб, Президент топшириғи ҳақида гапирди, деб хабар беради Kazinform мухбири вилоят ҳокими матбуот хизматига таяниб.

«Давлатимиз раҳбарининг биринчи топшириғи қишлоқни ободонлаштириш, халқ даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ. Мазкур лойиҳа қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳозир вилоятларда бўлиб, Президентимиз топшириқларини бажариш мақсадида жойларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишмоқдамиз», - деди Алтай Кўлгинов.

Ақтўбе вилояти ҳокими Ерали Тоғжанов «Ауил аманати» - Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Қозоғистон Республикасида қишлоқ ҳудудларини 2023-2027 йилларда ривожлантириш концепсияси тўғрисида»ги биринчи фармони доирасида вилоятда амалга оширилаётган асосий лойиҳалардан бири эканини таъкидлади.

«Ақтўбе вилояти мамлакатда биринчи бўлиб йирик лойиҳани амалга оширди. «Ауил аманати»нинг биринчи босқичида вилоятдаги 24 та қишлоқ туманидан 43 мингга яқин аҳоли иштирок этади. Паррандачиликда - 2 182 та лойиҳа, ўсимликчиликда – 342 та, кичик бизнесда – 224 та, кооперативларни жиҳозлашга қаратилган 24 та лойиҳа амалга оширилади. Молиялаштириш 3 миллиард тенгени ташкил этади. Жорий йилда қўшимча 3,5 миллиард тенге ажратилди.

Лойиҳа давомида нафақат пул кредити, балки товар кредити ҳам тақдим этилади. Жумладан, 27 та йирик фермер хўжалиги ҳисобидан қишлоқ аҳолисига 6 минг бош чорва моллари бериш режалаштирилган. Қишлоқ аҳли тижорат кредитига олган молларини қайтариб беради. Бугун 42 шахсий ёрдамчи хўжаликларга 650 бош қорамол берилди. Лойиҳада иштирок этаётган қишлоқларда унинг амалга оширилиши натижасида ишсизлар сони 41,4 фоизга, махсус ижтимоий ёрдам олувчилар сони эса 49,3 фоизга қисқаради. Оиланинг ўртача даромади 192 фоизга ошади», - дейди Ерали Тоғжанов.

Хромтау туманидаги 14 та қишлоқ округининг 16 минг 500 нафарга яқин аҳолиси «Ауил аманати» лойиҳасида иштирок этиш ниятида. Улар томонидан 945 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Муаллиф: Алтинай Сағиндиқова

Фото: Ақтўбе вилояти ҳокими матбуот хизмати.


Сўнгги хабарлар