Алматилик ўқувчилар математика ва механика бўйича халқаро танловда ғолибликни қўлга киритди

None
ALMATY. Kazinform – Алмати терма жамоаси Ў.Жолдасбеков номидаги математика ва механика бўйича 12-халқаро илмий-тадқиқот лойиҳалари танловида 4 олтин, 2 кумуш ва 4 бронза медалини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Kazinform мухбири.

Алмати шаҳар таълим бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, танловда Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан 150 дан ортиқ ўқувчи қатнашган.

Мусобақа Алмати шаҳрида 1-3 март кунлари Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг механика-математика факультетида бўлиб ўтди.

Номзодлар математика, амалий математика, механика ва иқтисодиётда математик усуллар каби бир неча секцияларда илмий лойиҳа ҳимоя қилдилар. Танлов давомида ўқувчилар ўз лойиҳасини тақдим этиб, унинг хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришди.

«Мактаб ўқувчиларининг ғалабасидан доим хурсандмиз. Бугун улар яна совринларни қўлга киритишди. Биз уларни ғалаба билан табриклаймиз! Ўрганиш истаги ҳеч қачон сўнмасин. Ҳар йили илмий изланишга қизиқувчи иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш мақсадида халқаро танлов ўтказилади. Шу йўл билан биз ҳақиқий илм-фанни ўрганишни рағбатлантирамиз», — деди Алмати шаҳар таълим бошқармаси бошлиғи Лаззат Жилқибаева.

photo

Танлов натижаларига кўра, 159-гимназия ўқувчилари Абай Бағжан, Жўкен Дияр, 178-ихтисослаштирилган лицей ўқувчилари Муқаш Ермухан, Аубакир Инкар ғолиб деб топилди.

178-ихтисослаштирилган лицейнинг икки нафар ўқувчиси – Жалғасбек Адал ва Аяжан Маратова кумуш медални қўлга киритди.

Учинчи ўринни Ерасил Есенгелдин, Нурали Оралбеков, Жанбота Даулетхан ва 39-ихтисослаштирилган лицей ўқувчиси Олжас Майсиули қўлга киритди. 83-сонли гимназия ўқувчиси Аяулим Шаяхмет иштироки учун диплом олди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Алмати шаҳридан 70 нафарга яқин ўқувчи халқаро олимпиадаларда қатнашиб, 43 нафар ўқувчи совринли ўринларни қўлга киритган.


Сўнгги хабарлар