Алматида шифокорлар 80 ёшли онахоннинг миясига жуда мураккаб операция қилишди

None
None
ALMATY. Kazinform – Алмати шаҳар 4-сонли касалхонаси шифокорлари мия инфаркти билан касалланган 80 ёшли беморнинг ҳаётини сақлаб қолди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Шифохона матбуот хизмати хабарига кўра, бемор 15 май куни тез ёрдам машинасида 4-шаҳар клиник шифохонаси қабулхонасига олиб келинган. Бемор нутқнинг бузилиши, юзнинг ассиметрияси, чап оёқ-қўлларининг заифлиги, умумий заифликдан шикоят қилган.

Онахонга бош мия артерияси тромбози сабаб мия инфаркти ташхиси қўйилган ва у зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.

«Даволаш усулини танлашда беморнинг ёшини ҳисобга олдик. Клиник диагностика ва лаборатория текширувлари, жумладан, миянинг КТ, қон томирларининг ултратовуш тадқиқоти, рентгенограммаси, ЭКГ ўтказилди. Терапевт, кардиолог, нейрохирург, анестезиолог-реаниматолог беморни текширди. Шундан сўнг операцияни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди«, - дейди 4-шаҳар клиник шифохонаси нейрохирургия бўлими мудири Нуржан Ажибеков.



Шифокорнинг айтишича, беморнинг мия томирлари операцияси 50 дақиқа давом этган.

«Операциядан сўнг бемор аҳволи барқарорлашгунга қадар реанимация бўлимида навбатчи тиббиёт ходимларининг қаттиқ назоратида бўлди. Аҳволи барқарорлашганидан сўнг кейинги даволаниш учун нейрохирургия бўлимига ўтказилди», — дея хулоса қилди шифокор Алдонғар Бахтиярули.

Бугун касалхонада 8 кун даволанган Зада ​​Баймбетова тузалиб, уйига кетишга ҳозирланмоқда.

«Қизилўрдадан қизимни кўргани келгандим. Тўсатдан аҳволим оғирлашиб, касалхонага ётиб қолдим. Яхши шифокорларни учратганим учун Худога шукур. Операциядан кейин оёқ-қўлларим яна тўғри ишлаяпти, ўзим юра оламан, қўлларимни кўтара оламан. Касалхона ходимларига катта раҳмат», - деди Зайда ​​Баймбетова.

Муаллиф: Алма Муқанова

Сўнгги хабарлар