Алматида икки томонлама ўпка пневмониясига чалинган 87 ёшли онахон соғайди

None
None
ALMATY. Kazinform – Икки томонлама пневмония билан касалланган 87 ёшли бемор Алматидаги провизор стационарида даволаниб чиқди. Бу ҳақда Алмати руҳий саломатлик маркази директори Сапар Рахменшеев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Руҳий саломатлик маркази базасида коронавирус инфекциясини юқтирганлар учун вақтинчалик стационар ташкил этилган.

«1933 йилда туғилган онахон бизга жуда оғир ҳолатда икки томонлама полисегментал пневмония билан қабул қилинди. КТ ўпкасининг 64% шикастланганини кўрсатди. Бундан ташқари, беморда сурункали юрак касаллиги, қандли диабет, артериал гипертензия ва бошқа каби касалликлар бўлган», - деди Сапар Рахменшеев.

Даволаниш курсидан сўнг, бемор соғайиб чиқди ва барча тиббиёт ходимларига пандемия пайтида қилган қаҳрамонликлари учун минатдорчилик билдирди.

Шу билан бирга, Сапар Рахменшеевнинг таъкидлашича, ой бошидан буён Марказга 55 ёшдан ошган 207 нафар бемор қабул қилинган. Шулардан 152 нафари соғайиб кетишди, қолганлари даволанишни давом эттирмоқдалар.

Ҳар куни 8-10 бемор стационарга ётқизилади. Директорнинг сўзларига кўра, бугунги кунда стационарда 33 бўш жой мавжуд. Сўнгги бир ой ичида 499 бемор даволаниб чиққан.

Стационарда битта бемор реанимацияда, 226 беморнинг аҳволи ўртача ва 7 кишининг аҳволи қониқарли.

Муаллиф: Гулмира Ғосманали.
Сўнгги хабарлар