АҚШда илк бор Ўзбекистон ёшлар форуми бўлиб ўтди

Фото: None
TASHKENT. Kazinform - АҚШда биринчи марта Ўзбекистон ёшлар форуми ўтказилди. Тадбир Виржиния штатидаги «ZiyoTek» технологик институтида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Маълум қилинишича, форумда Американинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва турли соҳаларда фаолият юритаётган 100 га яқин ўзбекистонлик талаба, шунингдек, АҚШда таълим олиш имконияти билан қизиққан ёшлар бевосита ва видеоконференцалоқа шаклида иштирок этди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Ўзбекистонда юритилаётган ёшлар сиёсатининг концептуал асослари, форумнинг мақсад ва вазифасига тўхталди. Мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёни, ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва хорижда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Сўнгги йилларда хориждаги ўзбекистонликлар билан алоқани йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, уларга мунтазам ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар қилингани таъкидланди.

Мулоқот чоғида, ёшлар АҚШда таълим олиш учун грант, виза олиш масаласи, тадбиркорликни йўлга қўйиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, ушбу мамлакатга саёҳат қилиш шарт-шароити, мавжуд эпидемиологик вазият ҳақидаги саволларга жавоб олди.

Форум доирасида «Заковат» интеллектуал ўйини ҳам ўтказилиб, АҚШдаги фаол ўзбекистонлик ёшлардан шакллантирилган тўрт жамоа ўз билимини синовдан ўтказди.

Фото: UzA

Сўнгги хабарлар