АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари TIFA келишуви асосида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор

Фото:
WASHINGTON. Кazinform – Ўтган куни АҚШ Савдо ваколатхонаси Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича Доиравий битим (TIFA) Кенгаши йиғилишининг натижаларини эълон қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Учрашув иштирокчилари TIFA мажбуриятлари доирасида кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ва инвестициялар йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Хусусан, томонлар меҳнат, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, интеллектуал мулк, савдодаги техник тўсиқлар, санитария ва фитосанитария чоралари, рақамли савдо ва божхона тартиб-қоидаларига оид масалаларни муҳокама қилди.

Учрашувда АҚШ томони Марказий Осиёда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, қатор соҳаларда қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Делегация вакиллари «C5+1» минтақавий платформаси доирасида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун қўшимча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, TIFAга аъзо давлатлар АҚШнинг Марказий Осиёда умумий имтиёзлар тизими (GSP) дастурини қайта тиклашни қўллаб-қувватлаб, манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бу, ўз навбатида, ҳамкорлик тармоқлари ва иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Муаллиф: Рустем Қожибаев


Сўнгги хабарлар