АҚШ Туркия ва Сурияга 100 миллион доллар ёрдам ажратади

Фото:
WASHINGTON. Кazinform - АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 46 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган 7,8 магнитудали зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Туркия ва Сурияга 100 миллион доллар ажратилишини маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири CNN Newsга таяниб.

Молиявий ёрдам фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун қочқинлар ва миграция бўйича фавқулодда вазиятлар жамғармасига 50 миллион доллар ва Давлат департаменти ҳамда USAID орқали қўшимча 50 миллион доллар гуманитар ёрдамни ўз ичига олади.

Охирги молиялаштириш АҚШ ёрдамининг умумий ҳажмини 185 миллион долларга етказади. Давлат департаменти маълумотларига кўра, АҚШдаги хусусий нодавлат ташкилотлари шу кунгача яна 66 миллион доллар ажратган.

Якшанба куни АҚШнинг юқори мартабали дипломати Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли билан Туркиянинг энг кўп зарар кўрган ҳудудларини вертолётда кўриб чиқди.

Э. Блинкен Туркиянинг жанубида «Оқ дубулғалар» номи билан танилган Сурия кўнгилли фуқаролик мудофааси ташкилоти вакиллари билан ҳам учрашиб, АҚШнинг гуруҳ ва бошқа ташкилотларга ёрдам беришини ваъда қилди.

«Оқ дубулға»лар Сурия шимоли ва шимоли-ғарбидаги исёнчилар назорати остидаги ҳудудларда қидирув, қутқариш ва тиклаш ишлари билан шуғулланмоқда.

Туркиянинг Табиий офатларни бошқариш бошқармаси якшанба куни маълум қилишича, зилзиладан деярли икки ҳафта ўтгач, аксарият қидирув-қутқарув ишларини тўхтатган, чунки экспертлар вайроналар остида қолган одамларнинг омон қолиш эҳтимоли деярли йўқлигини айтишган.

Муаллиф: Рустем Қожибаев


Сўнгги хабарлар