АҚШ Қозоғистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни қидириш ва қайтаришда ёрдам беради

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари жиноий активларни қидириш ва уларни АҚШдан Қозоғистонга қайтаришни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси вакилларининг АҚШга амалий ташрифи чоғида маълум бўлди, деб хабар беради Kazinform ҚР Бош прокуратураси расмий сайтига таяниб.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Т.Ғ. Ташимбаев бошчилигидаги делегация АҚШга амалий ташрифи доирасида АҚШ Адлия вазирлиги раҳбарияти, Федерал қидирув бюроси ва Жаҳон банки вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Томонлар аниқ жиноий ишлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, электрон форматда сўровлар юбориш, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, маҳкумларни экстрадиция қилиш бўйича битимлар тузиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Т.Ташимбаев америкалик ҳамкасбига жорий йил 5 июн куни Давлат раҳбарининг фармони билан иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний концентрациясига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилгани, унинг асосий мақсадларидан бири мамлакатдан ноқонуний равишда олиб кетилган маблағларни қайтариш эканлигини айтди.

АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари жиноий активларни қидириш ва уларнинг АҚШдан Қозоғистонга қайтарилишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларига ишонтиришди.

Томонлар трансмиллий уюшган жиноятчилик ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши самарали кураш фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида келишиб олдилар.

Бундан ташқари, Қозоғистон делегацияси Жаҳон банкининг «StAR Initiative» лойиҳаси вакиллари билан учрашди.

Жаҳон банки билан Қозоғистоннинг хорижга, жумладан, оффшор юрисдикцияларга экспорт қилинган жиноий активларни қайтариш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг белгиланган йўналиши бўйича прокурор ва терговчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Банк вакиллари Қозоғистон томонининг ушбу ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

«Тадбир якунларига кўра, томонлар ўтган мулоқотдан мамнун эканликларини билдирдилар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма қадамлар белгиланди», — дейилади хабарда.

Фото: gov.kz


Сўнгги хабарлар