АҚШ Давлат котибининг Қозоғистонга ташрифи чоғида қандай масалалар кўриб чиқилади

None
ASTANA. Kazinform – АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Қозоғистонга ташрифи доирасида иқтисодиёт, энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қозоғистонга илк расмий ташрифини амалга оширади. У пойтахтда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан қабул қилинади, Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди эса АҚШ Давлат котиби билан музокаралар ўтказади», — деди расмий вакил.

Унинг сўзларига кўра, шу куни Блинкен иштирокида Астана шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтади.

«Ҳозирда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ушбу йиғилишда иштирок этишларини тасдиқладилар. C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида Марказий Осиё давлатларининг АҚШ билан иқтисодиёт, энергетика ва экология соҳаларидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш, шунингдек, терроризмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган», — деди А. Смадияров.

Аввал хабар қилинганидек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен жорий йилнинг 28 февралидан 3 мартига қадар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради.

Фото: Getty Images

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар