Абитуриент – 2022: Ўзбекистонда қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида тест топшириқлари ишлаб чиқилди

None
None
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонда абитуриентлар фойдаланиши учун қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида тест топшириқлари ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.


Жорий йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1 миллиондан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда.

Мазкур ўқув йили кириш тест синовида мажбурий учта фан бўйича 30 та савол бўлади. Барча фанлардан ҳар бир тўғри жавобга 1,1 балл берилиши белгиланиб, максимал кўрсаткич 33 баллни ташкил этмоқда. Бакалавриат таълим йўналишига мос иккита ихтисослик фанлари бўйича 30 тадан жами 60 та савол бўлиб, биринчи фан учун ҳар бир тўғри жавобга 3,1 баллдан, жами 93 балл, иккинчи фан учун эса ҳар бир тўғри жавобга 2,1 баллдан, жами 63 балл берилади. Иккала фандан максимал 156 балл тўплаш мумкин. 5 та фан бўйича умумий тўплаш мумкин бўлган энг юқори натижа 189 баллни ташкил этади.

Кириш тест синовларида фойдаланиладиган 14 та умумтаълим фанларидан тест топшириқлари тафсилотлари ҳамда абитуриентларнинг мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилган тест топшириқлари ишлаб чиқилди.

Ишлаб чиқилган намунавий тест топшириқлари республиканинг барча ҳудудларида 2022 йилнинг февраль, март ва апрель ойларида жами 3 маротаба апробациядан ўтказилди. 14 та умумтаълим фани бўйича ўтказилган апробация жараёнининг ҳар бир босқичида 5 000 нафардан, жами 15 000 нафар ўқувчи иштирок этди. Тест топшириқлари академик лицей ва ихтисослаштирилган мактабларда фаолият юритаётган фан ўқитувчилари томонидан экспертизадан ўтказилди.

2022 йил 10 апрелга қадар Олий таълим муассасалари бакалавриати, профессионал таълим муассалари, академик лицейлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш учун кириш тест синовлари, ўқишни хорижий олий талим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ўтказиладиган тест синовларида фойдаланиладиган 14 та фандан белгиланган режанинг 100 фоизи ҳисобида тест топшириқлари ишлаб чиқилди. Тест топшириқлари рус тилига таржима қилинмоқда.

2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида фойдаланиш учун қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тили ва адабиёти) тилларидан белгиланган миқдорда тест топшириқлари ишлаб чиқилди ва бирламчи экспертизадан ўтказилди. Бугунги кунда саволлар базаси шакллантириб бўлинди. Бироқ одатдагидек тест топшириқларининг экспертизалари, бошқа тилларга таржимаси давом этмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, май – июль ойлари давомида, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тавсия этилган фан мутахассисларини жалб этган ҳолда қорақалпоқ тили ва қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) тилларига физика, тарих, кимё, биология, математика ва география (6 та фан, 5 та тил) фанлари бўйича тест топшириқлари таржимаси амалга оширилади. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тавсия этилган фан мутахассисларини жалб этган ҳолда шарқ (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон), испан, итальян тилларидан тест топшириқлари ишлаб чиқилади ва экспертизадан ўтказилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ОТМга кириш имтиҳонларида мактаб битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичини инобатга олиш режалаштирилмоқда. Ўртача кўрсаткич тест синовлари тугагач, танловдан олдин қўшилиши таклиф этилган. Қабул тестларида максимал баллнинг 30 фоизидан кам балл тўплаган абитуриентлар квота бўйича танловда иштирок этмаслиги белгиланмоқда.

Сўнгги хабарлар