7 май - Ватан ҳимоячилари куни

None
ASTANА. Кazinform – Бугун қозоғистонликлар Ватан ҳимоячилари кунини нишонламоқда, деб хабар беради Кazinform мухбири.

1992 йил 7 майда Қозоғистон Республикаси Президентининг Қуролли Кучларни ташкил этиш тўғрисидаги 745-сонли Фармони эълон қилинди. Фармонда ички қуролли кучларни шакллантириш ва унга тегишли шарт-шароитларни яратиш зарурлиги қайд этилган.

Бу кун юрт тинчлиги, осойишталигини таъминлаётган ҳарбий хизматчиларни табриклаш ва эҳтиром кўрсатиш кунидир.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон қуролли кучлари сафида эркаклар билан бир қаторда хотин-қизлар ҳам тенг ҳуқуқли бўлиб хизмат қилиб келган. Уларнинг аксарияти зобит унвонига эга. Шундай экан, Ватан ҳимоячилари куни аёллар учун ҳам байрамдир.

Қозоғистон армияси уч хил тузилмадан иборат. Хусусан, қуруқликдаги кучлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва денгиз кучлари. Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Олий Бош Қўмондони, Президентнинг бевосита қўмондонлиги остида махсус тайёрланган ҳаво-десант қўшинлари мавжуд. Уларнинг мақсади фавқулодда вазиятларда махсус махфий операцияларни ўтказишдир.

Айтиш жоизки, байрам арафасида хизмат кўрсатган мутахассисларга ҳарбий унвонлар, алоҳида хизмат кўрсатган ҳарбий хизматчиларга мукофотлар бериш анъанага айланган.

Қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар ҳақида бир неча кун аввал маълум бўлган хушхабар шуки, келаси йилдан бошлаб ҳарбий унвонлар учун маош 30 фоизга оширилади.

«Бу йил ҳарбий учувчиларнинг маоши ўртача 60 фоизга ошади. Бу соҳадаги ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши ҳам ошади. Келгуси йилда ҳарбий унвонлар учун маош 30 фоизга оширилади. Ҳарбий хизматчиларни пенсия билан таъминлаш масаласи ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Сержант ва зобитларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилади. Улар ўз ҳаёти ҳақида қайғурмасликлари, балки мамлакатни ҳимоя қила олишлари керак», — деди Президент 5 май куни пойтахтда бўлиб ўтган Бутун армия кенгаши йиғилишида.

Шунингдек, Давлат раҳбари томонидан йиллик анъанага кўра, жорий йилда ҳам бир қатор ҳарбий хизматчилар тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Бутун армия кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Муаллиф: Даулет Изтилеу


Сўнгги хабарлар