6,5 минг одам Қозоғистон жанубидан шимолга кўчиб ўтади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда мамлакат жанубидан шимолига кўчиб ўтиш истагини билдирган 6587 одамга квота ажратилди. Бу ҳақда Сенат депутатлари саволига берган жавобида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Ерали Тоғжанов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Президент топшириғига мувофиқ, Қозоғистон Республикасининг 2022-2026-йилларга мўлжалланган миграция сиёсати концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди», — деди бош вазир ўринбосари.

Унга кўра, концепцияда миграция жараёнларини тартибга солишга қаратилган қуйидаги аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган:

- жанубий вилоятлардан шимолга ишчи кучи жалб қилинган корхоналарнинг харажатларини қоплаш;

- вилоятлараро ва минтақалараро кўчиришни рағбатлантириш;

- турли сабабларга кўра мос бўлмаган аҳоли пунктлари аҳолисини кўчиришга ёрдам бериш;

- қишлоқ хўжалигига кўчириш учун ер участкаларини ажратиш;

- шимолий вилоятларга кўчиб келган ватандошларнинг ҚР фуқаролигини олгандан кейин ҳам уй-жой олиш учун навбатини сақлаб қолиш.

«Кучли ҳудудлар – мамлакат тараққиётининг драйвери» миллий лойиҳасини амалга ошириш орқали 2026 йилгача шимолга кўчувчиларнинг бандлик даражасини 87 фоизга етказиш режалаштирилган. Инфратузилма лойиҳаларини инсон ресурслари билан таъминлаш учун жанубий вилоятлардан 35 минг кишини жалб этиш режалаштирилган. Ишчи кучи танқис ҳудудларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳар йили жанубдан шимолга мигрантлар учун квоталарни тасдиқлайди. Бу йилги квота 6587 кишини ташкил этади, - деди Ерали Тоғжанов.

Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосари қуйидаги чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлади:

- кўчиб ўтувчиларга давлат уй-жой фондидан ер ажратиш, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер (майдони 0,1 гектардан кам бўлмаган) билан таъминлашга кўмаклашиш;

- талаб қилинадиган мутахассисликлар бўйича ишга жойлашган мигрантларнинг, шунингдек, уларнинг иш берувчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан (50 фоиздан кам бўлмаган) уй-жой қуришда қилган харажатларини қоплаш;

- кўчиб ўтувчилар субсидиялар олиши учун аввал олинган кредитларига (6 ойдан 1 йилгача муддатга) таътиллар белгилаш.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, чегарадош ҳудудларни ривожлантириш бўйича мустақил дастур ишлаб чиқишни зарур деб ҳисобламаймиз», — деди Бош вазир ўринбосари.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар