4 йилда Қозоғистонда қуриладиган мингта мактабга 100 минг ўқитувчи керак

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонга 2025 йилгача 1000 та мактаб қурилиши муносабати билан яна юз минг нафар ўқитувчи керак бўлади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Мактаблар қурилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, мустақиллик йилларида икки мингдан ортиқ мактаб қурилган, эндиликда Давлат раҳбарининг топшириғига кўра жорий йилдан бошлаб 2025 йилгача камида мингта мактаб қуриш вазифаси турибди. Ҳозирда биз катта муаммога дуч келяпмиз. Бу йил мамлакатимиз мактабларини 150 минг нафар битирувчи тамомлаган бўлса, деярли 400 минг ўқувчи биринчи синфга қабул қилинди. Яъни, бир йил ичида мактабларда 250 минг бола кўпайган. 2025 йилга бориб эса камида бир миллион қўшимча ўринлар керак бўлади», - деди таълим ва фан вазири Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия йиғилишида.

Вазирнинг сўзларига кўра, муаммони олдиндан ҳал қилиш учун Президент яна 1000 та мактаб қуриш бўйича топшириқ берган.

«Бу йил биз 200 та мактаб қуряпмиз, аммо белгиланган муддатдан олдиндамиз. Декабр ойида 200 дан ортиқ мактабни фойдаланишга топширамиз. Шу тарзда 2025 йилга бориб 1000 та янги мактаб қурилади. Мингта янги мактаб қўшимча равишда камида юз минг янги ўқитувчини талаб қилади - бизга яна юз минг ўқитувчи керак бўлади. Бу биз учун катта синов. Биз мактабларни сифатли кадрлар ва моддий-техник таъминот билан таъминлашимиз керак. Биз бу вазифа устида ишлаяпмиз», - деди А.Аймағамбетов.


Муаллиф: Ақбота Кузекбай


Сўнгги хабарлар