22-23 ноябр кунлари Қозоғистон пойтахтида Сурия бўйича навбатдаги халқаро учрашув бўлиб ўтади

None
ASTANA. Kazinform – 22 – 23 ноябр кунлари Қозоғистон пойтахтида Сурия бўйича Астана форматида 19-халқаро учрашув бўлиб ўтади, дея хабар беради Kazinform Қозоғистон ТИВга таяниб.

Музокараларда Россия, Туркия, Эрон, Сурия ҳукумати ва Сурия мухолифати делегациялари иштирок этади. БМТ, Иордания, Ливан ва Ироқ вакиллари кузатувчи сифатида келиши кутилмоқда.

Кун тартибига қуйидаги масалалар киритилади:

- Суриядаги «ердаги» вазият, жумладан, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий;

- сиёсий жараённи ҳар томонлама тарғиб қилиш;

- ишончни мустаҳкамлаш чоралари, шу жумладан гаровга олинганларни озод қилиш ва бедарак йўқолганларни қидириш;

- БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2642-резолюциясига мувофиқ Сурияни можародан кейин қайта тиклаш ва суриялик қочқинларнинг ватанларига қайтиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш.

Биринчи куни кафил давлатлар (Эрон, Россия, Туркия)нинг икки ва уч томонлама маслаҳатлашувлари, Сурия томонлари (Сурия Араб Республикаси ҳукумати ва қуролли Сурия мухолифати) билан музокаралар, кузатувчи томонлар (Ироқ, Иордания, Ливан, шунингдек, БМТ Бош котибининг Сурия бўйича махсус элчиси Гейр Педерсен ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси) делегациялари билан мулоқотлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Иккинчи куни маслаҳатлашувлар давом этиши, ялпи мажлис ва матбуот анжумани режалаштирилган.

Бундан ташқари, музокаралар доирасида кафил давлатлар ҳамда БМТ ҳамда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертлари иштирокида мажбурий ҳибсга олинган шахслар бўйича Ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар