2025 йилгача Қозоғистонда 2 миллиондан ортиқ янги иш ўрни яратилади
26 Май 12:55

2025 йилгача Қозоғистонда 2 миллиондан ортиқ янги иш ўрни яратилади

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда йирик корхоналарнинг 2,8 миллион ходимининг ўртача иш ҳақи ошади. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Ерали Тоғжанов Сенатда «2025 йилгача аҳоли даромадларини ошириш дастури» комплекс режаси ижроси муҳокамаси чоғида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи йирик тадбиркорлик субъектлари учун мажбуриятлар белгиланиши ҳисобига 2,8 миллион ходимнинг ўртача иш ҳақи ортади. Бундай талабни биринчи марта қўймоқдамиз.

Икки ҳафта аввал Қарағанди вилоятида йирик тадбиркорлик субъектлари иштирокида бу борада амалга оширилган ишларнинг дастлабки натижаларини тингладик. Натижада Қозоғистондаги йирик саноат корхоналарида иш ҳақини 15 фоиздан 30 фоизга ошириш имконияти туғилди. Улар «Қазминералс» (15%), «ҚазАзот» (20%), ERG» (25%), «Қазақмыс» (30%) бор», - деди Ерали Тоғжанов.

Унинг айтишича, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш 2025 йилгача 2 миллиондан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

«Жумладан, саноат ва тадбиркорлик соҳасида 950 минг иш ўрни, инфратузилма лойиҳаларида 583 минг иш ўрни, агросаноат мажмуасида 458 минг иш ўрни, туризмда 59 минг иш ўрни яратилади. Хусусан, саноат соҳасида (кон-металлургия, машинасозлик, кимё саноати, ғишт ва цемент ишлаб чиқариш) 713 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, жорий йилда 165 та лойиҳа ишга туширилиб, 16 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади», - деди Бош вазир ўринбосари.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Янгиликлар

Архив