2025 йилгача 418 та саноат лойиҳаси амалга оширилади – ҚР Миллий иқтисодиёт вазири

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – 2025 йилгача 418 та саноат лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири Aсет Ерғалиев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Унга кўра, «Қозоғистонликлар фаровонлигини оширишга қаратилган барқарор иқтисодий ўсиш» миллий лойиҳаси 5 та йўналишни ўз ичига олади. Булар саноат-инновацион ривожланиш, нефть-газ, кимё-энергетика комплексларини ривожлантириш, геология, шунингдек, нохомашё экспортини рағбатлантиришдир. Мазкур йўналишлар доирасида 6 та вазифа, 13 та кўрсаткич ва 56 та чора-тадбирлар белгиланган. Миллий лойиҳани молиялаштиришнинг умумий ҳажми 15,9 триллион тенге, жумладан, республика бюджетидан 402 миллиард тенге ажратилади. 15,5 триллион тенге хусусий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. «Индустриал-инновацион ривожланиш» миллий лойиҳаси доирасида иккита асосий вазифа белгиланди: ишлаб чиқариш корхоналарини технологик модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишлаб чиқариш саноатида товар турларини кенгайтириш.

«Биринчи вазифани ҳал қилиш учун корхоналарнинг янги технологияларни сотиб олиш ва жорий этиш, ускуналарни ўрнатиш ва ишга тушириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш ва кредит бериш, жумладан лизинг бўйича харажатларини қоплашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган «, - деди у.

Унга кўра, 2025 йилга бориб ишлаб чиқариш саноатида рақамли технологиялардан фойдаланадиган корхоналар улушини 7 фоиздан 23 фоизга ошириш режалаштирилган.

«2025 йилгача 418 та саноат лойиҳаси амалга оширилиб, асосий капиталга 11 триллион тенгедан ортиқ сармоя киритилади. Натижада, ишлаб чиқариш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил даражасига кўра 1,5 баробар ортади», — деди Aсет Ерғалиев.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар