2023 йилдан Қозоғистонда ветеринарлар маоши босқичма-босқич оширилади

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда 2023 йилдан бошлаб ветеринария ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловнинг Сенат депутатлари саволига берган жавобида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Ветеринария тизимини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, у 55 та чора-тадбирлардан иборат. Унда мазкур сўровда кўтарилган тавсиялар ва соҳанинг муаммоли масалалари ҳам ўрин олган. Шундай қилиб, режа доирасида 2023 йилдан бошлаб ветеринария ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Биологик хавфсизлик тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш доирасида «Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2015 йил 31 декабрдаги 1193-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Ҳукумат томонидан маъқулланди. I ва (ёки) II гуруҳ патоген биологик агентлари билан ишловчи ветеринария хизмати ходимларининг иш ҳақини ошириш кўзда тутилмоқда», — деди Ҳукумат раҳбари.

Шу билан бирга, у ветеринария мутахассисларини давлат хизматчилари тоифасига киритиш юзасидан жавоб берди ва давлат ветеринария ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-коммунал корхоналар ва давлат-коммунал муассасалар шаклида иш олиб боришини айтди. Унга кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат ветеринария ташкилотларининг ветеринария шифокорлари, агар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан давлат-коммунал муассасалар шаклидаги ташкилот ташкил этилган бўлса, давлат хизматчисига киритилиши мумкин.

«Бугунги кунда ветеринария соҳасидаги ваколатли органга ветеринария врачининг иш юки бўйича намунавий қоидаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколатини бериш масаласи ишлаб чиқилмоқда, – деди Алихан Смаилов.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар