2023 йилдан Қозоғистонда ишидан айрилганларга тўланадиган нафақа миқдори оширилади

None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистонда иш жойини йўқотганлик учун тўланадиган тўлов миқдори оширилади, деб хабар бермоқда Kazinform.

Давлат раҳбарининг жорий йил 1 сентябр куни Қозоғистон халқига Мурожаатномасидаги топшириғини бажариш мақсадида, 2023 йил 1 январдан ишсиз қолган тақдирда Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланадиган ижтимоий тўлов миқдори 13 фоизга оширилади.

Ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш бўйича ушбу ва бошқа чора-тадбирлар Қозоғистон Республикаси Ижтимоий кодекси лойиҳасида кўриб чиқилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ишдан бўшатилган ва ишсиз сифатида рўйхатга олинган шахслар мажбурий ижтимоий суғурта тизимида қатнашган вақтлари ва охирги 24 ойдаги даромадларига қараб, ишдан айрилганидан кейин 1 ойдан 6 ойгача ижтимоий нафақа оладилар.

Ушбу тўлов мажбурий ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан йўқолган даромаднинг 40 фоизигача бўлган миқдорда амалга оширилади.

Давлат раҳбарининг топшириғини бажариш мақсадида Қозоғистон Республикаси Ижтимоий кодекси лойиҳасида иш жойини йўқотган тақдирда тўланадиган ижтимоий тўлов миқдорини ҳисоблаш учун даромадларни алмаштириш коеффициентини 40 фоиздан 45 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Натижада бу тўловлар миқдори ўртача 13 фоизга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, мажбурий ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишдан маҳрум бўлган тақдирда тўланадиган ижтимоий тўлов ишдан бўшатиш сабабларидан қатъий назар амалга оширилади ва ишсиз шахсни иш қидириш вақтида қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Шунинг учун ижтимоий тўлов ҳуқуқи ишдан бўшатилган шахс ишсиз сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб бошланади.


Сўнгги хабарлар