2023 йил охиригача Қозоғистон қишлоқларига «Илон Маскнинг интернети» келади
4 Май 22:55

2023 йил охиригача Қозоғистон қишлоқларига «Илон Маскнинг интернети» келади

NUR-SULTAN. Кazinform – 2023 йилда ОnеWеb, SpаcеХ ва SES сунъий йўлдошли интернетни Қозоғистон бозорига олиб кириши мумкин, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Бу ҳақда Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазири Бағдат Мусин Мажилисда бўлиб ўтган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавобида айтди.

«Нима учун халқ орасида Илон Маск интернети номи билан машҳур сунъий йўлдош интернети қозоғистонликлар учун ҳамон мавжуд эмас?» – деб сўради журналистлар.

Вазирнинг сўзларига кўра, аввало Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш зарур.

«Биз буни паст орбитали сунъий йўлдош гуруҳлари деб атаймиз. Ушбу технологияга сармоя киритаётган бир қанча компаниялар мавжуд. Улардан бири ОnеWеb. Ушбу ташкилот билан тажрибавий лойиҳа устида ишлаяпмиз. SpаcеХ компаниясининг Starlink лойиҳаси ҳам бор, уни «Илон Маскнинг интернети» деб атайди. Люксембургнинг SES компанияси ҳам ушбу технология бўйича интернетни таклиф қилиши мумкин. Бошқа шунга ўхшаш компаниялар мавжуд. Улар ҳам шу бозорга кирмоқчи. Бу борада биз монополиядан қочишни истаймиз. Яъни Қозоғистон бозорини бир нечта операторлар учун очамиз. Нега энди инфратузилма қурмаётганига келсак, бу турдаги хизмат учун солиқ ставкаси жуда юқори. Аввалги йилларда Солиқ кодекси радиочастоталар учун солиқ ставкасини тасдиқлашда бундай технологияларнинг мавжудлигини ҳисобга олмади. Шунинг учун норма депутатлар томонидан қўллаб-қувватланса, жорий йилда қабул қиламиз», — деди Бағдат Мусин.

Унга кўра, ҳозир бу 3 та оператор норманинг қабул қилинишини кутмоқда.

«Агар Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритадиган бўлсак, келгуси йилдан бошлаб ушбу операторлар бизнинг бозорга кириб, Қозоғистоннинг 4 нуқтасида инфратузилмани ўрнатишни бошлайди. Уларнинг мамлакатимизда ишлаши учун ер усти инфратузилмаси яратилиши керак. Аммо бу бутун мамлакат оптикага жалб қилинади дегани эмас. Тўртта асосий нуқта мавжуд. Улар интернетни сунъий йўлдош орқали узатадилар», — деб тушунтирди вазир.

Бағдат Мусин аввалроқ технологияга солиқ ставкаси белгиланмаганини айтди.

Агар бу ставка аниқланмаса, бу хорижий компаниялар бозорга кирмаслиги мумкин.

«Солиқ ставкасини киритмасак, улар келмайди, келган кунида ҳам солиқ тўламайди. Шу боис янги турдаги бизнеснинг солиқ олиб келиши, халққа хизмат қилиши учун шароит яратиб беряпмиз. Ушбу учта оператордан иккитаси синов режимидан ўтди. Starlinkни синаб кўришнинг ҳожати йўқ. Чунки у ўз технологиясини дунёнинг бир қатор минтақаларида тарқатади. Қонунчиликдаги ўзгаришлардан сўнг компанияга маълумотларни тақдим этишга келишиб олдик. Кейин улар Қозоғистон бозорига кира бошлайди. Депутатлар бу ўзгаришларни жорий йилда қабул қилсалар, келгуси йилда инфратузилма қурилади. Кейин келаси йил охиригача аҳоли сунъий йўлдошли интернет билан таъминланади», - деди вазир.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив