2022 йил охирида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 млрд долларга етди

None
Фото: t.me/KZgovernment
TASHKENT. Kazinform - Тошкентда бўлиб ўтадиган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 20-йиғилиши арафасида Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Kazinform ҚР Бош вазири матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Томонлар Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг бир қатор долзарб масалаларини, жумладан, савдо, саноат кооперацияси, сармоявий фаолият, энергетика, логистика, трансчегаравий сув ҳавзаларидан фойдаланиш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа соҳалардаги қўшма қадамларни муҳокама қилдилар.

Алихан Смаилов Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири эканини таъкидлади. Хусусан, 2022 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш режалаштирилган 5 миллиард долларга етди.

«Бу умумий саъй-ҳаракатлар туфайли амалга ошди. Энди юқори даражада қўйилган вазифаларга мувофиқ, ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишимиз керак», - деди Қозоғистон Республикаси Ҳукумати раҳбари.

Шу билан бирга, у икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларни ҳал этишда Қозоғистон-Ўзбекистон Ҳукуматлараро комиссиясининг алоҳида ролини таъкидлади.

Ўз навбатида Абдулла Арипов республикалар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун юксак салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

«Ўзаро савдода ижобий тенденция кузатилмоқда. Иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида саноат кооперацияси бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган. Умуман олганда, биз қардош Қозоғистон билан муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз», - деди Абдулла Арипов.


Сўнгги хабарлар