2021 йилнинг энг муҳим 21 воқеаси

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Ўтиб бораётган 2021 йил Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги, коронавирусга қарши вакцина ва турли юбилейлар билан эсда қолди. Йил якунлари бўйича Kazinform 2021 йилнинг 21 та энг муҳим воқеасининг фотошарҳини тақдим этади.



2021 йилда Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланди. 1991 йил 16 декабрда мамлакат Олий Кенгаши «Қозоғистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Конституциявий қонунни қабул қилган. Мустақиллик байрамида мамлакатимиз бўйлаб тантанали тадбирлар ўтказилди, ижтимоий соҳа обектлари ишга туширилди. Йил давомида ўтказилган кўплаб тадбирлар Мустақиллик байрамига бағишланди.



Шунингдек, бу йил Ибрай Алтинсарин таваллудининг 180 йиллиги, Жамбил Жабаевнинг 175 йиллиги, Алихан Бокейханнинг 155 йиллиги, Қажимуқаннинг 150 йиллиги, Муқағали Мақатаевнинг 90 йиллиги нишонланди.



Бундан ташқари, 2021 йилда Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига раислик қилди.



2021 йилда Қозоғистонда умуммиллий декларация қилиш тартиби кучга кирди. Декларациянинг биринчи босқичида давлат хизматчилари ва уларга тенглаштирилган турмуш ўртоқлари қамраб олинди.



10 январ куни Қозоғистон Республикаси парламенти мажлиси ва маслиҳатлари депутатлари сайлови бўлиб ўтди.



18 январ куни эса Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг янги таркиби эълон қилинди.



19 январ куни Қозоғистонда коронавирусга қарши эмлаш паспорти жорий этилди. Электрон паспорт eGov mobile базасида уч тилда тақдим этилади.



Шунингдек, қозоғистонликлар 2021 йилдан бошлаб пенсия жамғармаларининг бир қисмини уй сотиб олиш, даволаниш учун ишлатиш ёки хусусий молия компаниялари бошқарувига ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.



28 январ куни лотин ёзувидаги янги илғор қозоқ тили алифбоси нашр этилди.



1 феврал куни Россияда ишлаб чиқарилган Гам-Ковид-ВАК (Спутник V) вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Қозоғистонда эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади.



13 февралдан бошлаб қозоғистонликлар ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобил ҳайдаш имкониятига эга бўлди. Яъни, полиция ходими автомобил эгасини тўхтатса, унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини планшет орқали электрон маълумотлар базасидан текшириши мумкин.



15 март куни қозоғистонлик мусиқачи Иманбек Зейкенов қўшиқчи SAINt JHNнинг «Roses» қўшиғига ёзган ремикси Grammy мукофотига сазовор бўлди. Кейин мусиқачи Forbes ва GQ рейтингларида биринчи ўринни эгаллади ва Rita Ora, David Guetta каби дунёга машҳур мусиқачилар билан ҳамкорликда қўшиқлар ёзди.



26 апрел куни Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцина - QazVacнинг биринчи партияси чиқарилди.



Қозоғистонлик хонанда Руҳия Байдукен 19 июл куни Витебскда (Беларусь) «Славян бозори» танловининг Гран-присини қўлга киритди.



25 июл куни мустақил Қозоғистон тарихида илк марта қишлоқ, посёлка, қишлоқ туманлари ва туман аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимлари сайлови бўлиб ўтди.



23 июл куни Токиода Ёзги Олимпия ўйинлари алангаси ёнди. Қозоғистон шарафини 28 спорт тури бўйича 97 нафар спортчи ҳимоя қилди ва мамлакат жами саккизта бронза медали билан 83-ўринни эгаллади.



26 август куни Жамбил вилоятининг Байзақ туманида жойлашган ҳарбий қисм омборида ёнғин содир бўлди. Натижада ҳалок бўлган аскарлар ва қутқарувчилар сони 13 кишига етди, баъзилари бедарак йўқолган. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 29 августни умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.



10 сентябр куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига биноан Афғонистонда истиқомат қилаётган қондошлар мамлакатимизга қайтиб келди. 35 қондош, Қозоғистоннинг 4 фуқароси ва БМТнинг 1 ходими махсус рейс билан Кобулдан Алматига етказилди.

1 октябр куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида «EXPO 2020 Dubai» жаҳон кўргазмаси очилди. Унда Қозоғистон павильонининг умумий майдони 3400 квадрат метрни ташкил қилади. Павильон 4 та зонадан – муқаддас жойлар харитаси, маданий меърос, табиий ресурслар ва биохилма-хиллик зоналаридан иборат.



Бундан ташқари, бу йил мамлакатда ҳар 10 йилда бир марта ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш ташкил этилди.


23 ноябр куни Елбасы Нурсултон Назарбоев «Nur Otan» партияси раислигини Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга топширишини маълум қилди.

Айжан Серикжанқизи тайёрлади

Сўнгги хабарлар