2020 йил – юртимизда Волонтёр йили

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2020 йилни Волонтёр йили деб эълон қилиб, махсус қарорни имзолади. Йил «Биргамиз» шиори остида ўтказилади, деб хабар беради Kazinform.

Янги йилнинг Волонтёр йили деб эълон қилиниши 2019 йилда Ёшлар йили доирасида амалга оширилган ишларнинг мантиқий давомидир. У жамиятимиз ресурслари ва бунёдкорлиги орқали ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадига йўналтирилади.

Волонтёр йилида соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш, маданият ва бошқа соҳаларда 7та умуммиллий лойиҳа амалга оширилади. Бундан ташқари, маҳаллий миқёсда бирқатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Ҳар бир ҳудудда ўнтагача волонтёрлар стартапларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш, волонтёрлар ва волонтёр ташкилотлари билан бирга олиб бориладиган тадбирларни мувофиқлаштириш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Бугунги кунда республикамиз бўйича 200дан зиёд волонтёр ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Жами 50 мингдан зиёд одам волонтёрлар ҳаракатига жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилни Волонтёрлар йили деб эълон қилиш ғоясини илк бор 2019 йил май ойида Қостанайда бўлиб ўтган Қозоғистон ва Россия ёшлари ҳамкорлик форумида «Миллий кўнгиллилар тармоғи» республика ташкилотининг раиси Вера Ким таклиф қилганди.

Давлатимиз рахбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қостанайда янги барпо этилган Ёшлар саройида бўлиб ўтган форум чоғида волонтерлар билан учрашди. ҚР Президенти мамлакат келажаги ёшлар қўлида эканлигини яна бир бор таъкидлади.

Президент кўнгиллилар ҳаракати ҳақида БМТда ишлаб юрган кезлариданоқ хабари борлигини таъкидлаб ўтди.

«Мен ўша пайтларда ҳам кўнгиллиларга имкон яратиш кераклигини таъкидлаганман. Шунинг учун ҳам сизнинг келгуси йилни Волонтерлар йили деб эълон қилиш ҳақидаги таклифингизни қўллаб-қувватлайман. Кўнгиллилар - қалби пок инсонлар. Улар асл ватанпарварлардир, шунинг учун уларга нисбатан ҳурматим чексиз. Фаол фуқаро сифатидаги позициянгиз давлат тараққиётига яхши таъсир кўрсатиши тайин», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.




Сўнгги хабарлар