16 майдан бошлаб Алмати – Тошкент поезд қатнови йўлга қўйилади

None
None
TASHKENT. Kazinform – «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси, «Қазақстан темiр жолы» билан келишилган ҳолда, йўловчи поездлари қатнови тикланишини эълон қилди, деб хабар беради Kazinform «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига таяниб.

15 май куни 647/648-сонли Нукус - Бейнеу - Нукус йўналишидаги йўловчи поездининг қатновни бошланади.

16 майдан бошлаб эса Алмати-2 – Тошкент – Алмати-2 йўналишида 1/2-сонли («Тулпар-Тальго») поезд қатнови йўлга қўйилади.

Бу рейсларнинг даврийлиги Тошкентдан ҳафтасига 3 марта «Тошкент-Марказий» вокзалидан амалга оширилади.

Чипталарни электрон тарзда ҳамда темир йўл кассаларида сотиб олиш мумкин. Қозоғистон чегарасидан ўтиш учун электрон чиптани А4 форматидаги қоғозга чиқариб олиш лозим.

Қозоғистонга кириш учун ПЗР-тест топшириш керак

Қозоғистон давлат чегарасидаги ўтиш пунктлари орқали Қозоғистонга келган барча шахслар ПЗР усули билан COVID-19га тест синовидан ўтгани ҳақида маълумотнома тақдим этиши шарт (қозоқ, рус ёки инглиз тилида). Мазкур маълумотнома Қозоғистон Республикаси давлат чегарасидан ўтишдан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда бўлиши шарт.

Қуйидаги тоифа шахслардан маълумотнома талаб қилинмайди:

Қозоғистон бош давлат санитария врачи қарорига асосан Қозоғистон ҳудудида ҳақиқий деб тан олинадиган COVID-19га қарши эмланганлик паспорти/сертификати/маълумотномасига эга шахслар;

-Қозоғистон Республикасида COVID-19га қарши ревакцинация ёки тўлиқ эмлаш курсини олган шахслар (агар иккинчи компонентни олганидан сўнг Қозоғистон Республикаси чегарасини кесиб ўтиш вақтида 6 ойдан ошмаса);

-5 ёшгача бўлган болалар, агар уларни кузатувчи (бирга бўлган) шахсда ушбу маълумотнома мавжуд бўлса;

-Қозоғистон Республикаси ҳукумат делегациялари аъзолари;

-Локомотив бригадалари, темир йўл, денгиз ва дарё транспорти орқали ташишларда фаолият олиб бораётган шахслар.

Қозоғистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудидан, шунингдек, Озарбойжон, Молдова, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларидан келаётган шахслар, шу жумладан, «Путешествую без COVID-19» иловасидан рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.


Сўнгги хабарлар